Якшанба куни футбол бўйича олий лиганинг 2010 йилги мавсумига якун ясалади.
Охирги турда жамоамиз Тошкент дербисида "Бунёдкор" қабул қилади. Агар чемпион номи аниқланмаган бўлганда, учрашув жуда кескин ва муросасиз тус олиши аниқ эди. Шунга қарамай, мамлакатимизнинг икки етакчи клублари тўқнашуви барибир мухлисларга қизиқарли учрашувни тақдим этса керак. Бундан ташқари, мураббийлар ўз жамоаларининг ҳозирги пайтдаги кучи тўғрисида чемпионатдаги ашаддий рақибга қарши беллашувда яна бир бор тўғри хулоса чиқариб олишлари мумкин.
Учрашувда дисквалификация туфайли майдонга тушмайдиган футболчилар йўқ. Демак, бу тарафдан мураббийларнинг бош қотиришига тўғри келмайди.
Ҳозиргача жамоалар чемпионатда 7 марта куч синашишган. 5 ўйинда кучлар тенг келган бўлса, икки баҳсда "Бунёдкор" 2:1 ҳисобидаги ғалабаларни тантана қилган. Шу пайтга қадар "шерлар"га ҳамшаҳарларини енгиш насиб этмай келмоқда. "Пахтакор" стадионидаги беллашувларнинг барчасида дуранг натижа қайд этилган. Умумий голлар уриш борасида устунлик
рақибимиз томонида, 7-5.
"Пахтакор" - "Бунёдкор" учрашуви 31 октябрь, якшанба куни соат 14:30да "Пахтакор" Марказий стадионида бошланади. Ўринбосарлар беллашуви эса шанба куни соат 14:30да Қибрайдаги стадионда бошланади. Барча ишқибозларни Тошкент дербисига таклиф этамиз!
manba: pakhtakor.uz
137